Оймякон ясситоғлиги

Оймякон ясситоғлиги – Саха (Якутия)даги ясситоғлик. Сибирнинг шимоли-шарқида, Индигирка дарёси ҳавзасининг юқори қисмида жойлашган. Сунтар-Хаята ва Тас-Кистабит тизмалари оралиғида. Релефи парчаланган. Алоҳида ясситоғлар ва тепаликлардан ташкил топган. Марказига – Оймякон ботиғига (700 м) томон пасайиб боради. Ясситоғликнинг ўртача бал. 800–900 м, энг баланд жойи 1802 м. Асосан, сланец, қумтошлардан иборат, улар орасида гранит интрузиялари учрайди. Иқлими кескин континентал, қиши жуда совуқ, ёзи салқин. Январнинг ўртача температураси —50°, июлники 8°. Оймякон ботиғи Шимолий ярим шарнинг совуқ қутби ҳисобланиб, мутлақ паст температура —70°гача тушади. Ясситоғликнинг 1200 м баландликкача бўлган қисмида сийрак ҳолда тилоғоч, пакана кедр, сибир қорақарағайи ўсади. Ундан юқорида тоғ-тундраси мавжуд.[1]

Манбалар

edit
  1. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил