Jump to content

Қози

From Vikipediya

Қози (араб. — ижро этувчи, ҳукм чиқарувчи) — мусулмон давлатларида ҳукмдор томонидан тайинланиб, шариат асосида суд вазифасини бажарувчи, судя, шаръий маҳкама раиси. Баъзи қозилар илм билан шуғулланган. Баъзан имомлик вазифасини ҳам бажарган[1].

Дастлаб қозиларни Муҳаммад пайғамбар, ундан кейин халифа Умар тайинлаган. Хулофои рошидин даврида қозилар фақат фуқаролик ишларини кўриб чиқарди, жиноий ишларни ҳал қилиш халифа ёки вилоят ҳокимларининг ваколатига кирарди. Жавобгар юксак мақом эгаси ва иқтидорли киши бўлганда унга тегишли иш мазолим қозисига (мазолим волисига) топшириларди. Шикоятлар билан шуғулланувчи бу идорага давлат раҳбари ёки у тайинлаган баобрў киши бошчилик қиларди. Мазолим судида даъвогар ва жавобгардан ташқари қозилар, муфтийлар, салоҳиятли котиб, ички ишлар раҳбарлари, хавфсизлик ходимлари иштирок этарди. Мазолим қозиси ҳокимлар, давлат мулозимлари, солиқчилардан шикоятлар бўйича ишларни, зўравонлик билан тортиб олинган шахсий мулк ёки вақф мулкларига оид ишларни, қозилар чиқарган қарорларнинг бажарилмаслиги ҳоллари, кўпчилик манфаатига қарши қилинган тажовузларга доир ишларни кўриб чиқарди. Қози мусулмон бўлмаган фуқароларнинг ишларини уларнинг диний китоблари (Таврот, Инжил) асосида ҳал қиларди. Қозининг ҳукми устидан халифага шикоят қилиш мумкин бўлган. ВИИИ асрнинг 2-ярмида Аббосийлар давлатида олий қози — қози ул-қуззот лавозими жорий қилинган.

Амалда қози лавозимини ўз обрўсига доғ туширмаган, илму идрокли ва шариат қонунларини етарлича биладиган, яққол кўриниб турган жисмоний нуқсони бўлмаган соғлом ва одил ҳар бир эркин (қул бўлмаган) мусулмон эгаллаши мумкин эди. Қози давлат ғазнасидан таъминлаб турилган. Баъзан қози умумий ваколатга эга бўлиб, бутун мамлакат бўйича ҳукм чиқара олган, баъзан унинг ваколати бир вилоят ёки шаҳар ҳудуди билан чекланган. Қози ўз шаҳри ёки вилоятидаги барча фуқаролик ва жиноий ишларни олиб бориш, жамоатчилик ахлоқи сақланишини назорат қилиш, зарур бўлган тақдирда одамлар ва мулкка васийликни тайинлаш, вақф мулкларини назорат қилиш, жамоат бинолари ва иншоотлар, йўллар, кўчалар ва майдонларнинг ҳолатини кузатиб туриш, мерос бўлинишини ва васиятга риоя қилинишини, қози ҳукмлари тўғри бажарилиши ва тўғри жазо белгиланишини кузатиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва турма нозирларини назорат қилиш, закот, садақа ва бошқа жамоат маблағлари тўғри йиғилиши ҳамда тақсимланишини кузатиб бориш, зарбхона, байт ул-молни (дашшт хазинасини) назорат қилиш каби ишларни бажарарди. Қўшинлар қозиси қўлга киритилган ҳарбий ўлжани баҳолаши ва унинг тўғри тақсимланишини кузатиши керак бўлган. Бунинг учун у ҳарбий ҳуқуқни яхши билиши лозим эди.

Айрим ҳолларни ҳисобга олмаганда қозилар асосан фақиҳлар орасидан чиққан.

Туркистон генерал-губернаторлигида

[edit | edit source]

Бухоро амирлигида Амир Олимхон (1910—1920) даврида Қози Мирзо Ҳикматуллоҳ қозилик фаолиятидан ташқари, талабаларга илм бериш ҳамда ундан бўш вақтида эса умри давомида 300 та китоб ёзган[1].

Ўзбекистон ССРда, хусусан Тошкент шаҳрида 1930-йилларнинг бошигача қозилар суди мавжуд бўлиб, шариатга тегишли муаммоларни кўриб, ҳал қилиб келган.

Адабиётлар

[edit | edit source]
  • Каримов Қ. С. Туркистонда тарихан шаклланган қозилик маҳкамалари фаолиятига киритилган ўзгаришлар // Қўқон ПДИ. Илмий хабарлар. — 2021. — № 4.

Манбалар

[edit | edit source]
  1. 1,0 1,1 Каримов 2021, с. 150—153.